Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Пробация бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан пробация ҳисобидаги шахслар билан профилактик тадбирлар жадаллик билан ўтказилмоқда
Жумладан, жорий йилнинг 28 декабрь куни Бўстон ҳамда Олтинкўл туманларида жиноят ишлари бўйича судлар билан ҳамкорликда сайёр судлар ўтказилди. Ушбу туманлар ИИБ Пробация гуруҳлари назоратида туриб, тузалиш йўлига ўтган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, тайинланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқариб олган 12 нафар шахсга инсонпарварлик далолатномалари татбиқ этилиб, жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шунингдек, жазодан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган 2 нафар назоратдаги шахснинг жазолари оғирроқ турдаги, яъни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Бундан ташқари, Булоқбоши ва Шаҳрихон туманларида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмарка”лари ташкил этилиб, 6 нафар назорат остидаги шахс ишга жойлаштирилган бўлса, яна 4 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.
Ҳозирда, бу борадаги профилактик тадбирлар вилоят миқёсида давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати