Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Андижон тумани “Роҳат” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди
Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш каби ҳаракатлар Андижон вилояти ИИБ томонидан ҳар бир туманда сайёр қабуллар ўтказиш орқали амалга оширилмоқда. Бундай сайёр қабуллардан бири бугун Андижон туманида бўлиб ўтди. Туманнинг Орол “Маданият маркази” биносида "Роҳат" МФЙ аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди.
Қабул давомида 46 та мурожаатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш ва ID карта расмийлаштириш, пробация ҳисобидаги шахсларни жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш, шу билан бирга бир маротабалик моддий ёрдам пули олиш, ишга жойлашиш, даволаниш учун моддий ёрдам ва ордер ажратиш, ногиронлик аравачаси ажратиш ҳамда тикув машинаси берилишида амалий ёрдам сўралган мурожаатлар шулар жумласидандир.
Мурожаатларнинг 36 таси ижобий ҳал этилди, 10 таси вилоят Халқ қабулхонаси орқали тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органларига юборилди.
Ўтказилган сайёр қабул давомида 4 нафар пробация ҳисобида турган шахсларни жазодан муддатидан олдин озод қилиш масаласидаги мурожаатлари жойида кўриб чиқилиб тегишли судларга тақдимномалар киритилиши таъминланди. 5 нафар фуқарога шахсини тасдиқловчи ID карталар жойида расмийлаштириб берилди. 1 нафар фуқаронинг тикув машинаси ажратиш ҳақидаги мурожаати жойида ижобий ҳал этилди. 2 нафар фуқароларнинг мурожаати бўйича ногиронлар аравачаси топширилиб, 17 нафар фуқароларга бир маротабалик моддий ёрдам пуллари берилди.
Сайёр қабул давомида қилинган мурожаатларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича кўрилган чоралар ёзма равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонасига, тегишли идоралар вакилларига тақдим этилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати