22 Феврал 2022 йил 685

Андижон вилояти ИИБ ва Халқ таълими бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2022 йил 28 январь куни “Мактаб таълимини ривожлантириш масалалари” бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ИИБ ва Халқ таълими бошқармаси ўртасида Меморандум имзоланди.

Мазкур Меморандумда умумтаълим мактабларида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар профилактикасини таъминлаш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, ҳудудий ички ишлар ва халқ таълими бўлимлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва тезкор маълумот алмашинувини мустаҳкамлаш, мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш, маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, мактаб ўқувчиларини илмий-ижодий фаолиятга ундаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш каби эзгу мақсадлар ҳамда мактаб ўқувчиларини Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, қўшимча фан, санъат тўгараклари ва спорт тадбирларини ташкил этиш ва бошқа йўналишлар мустаҳкамланган.

Томонлар мазкур Меморандум қоидалари ва ўзларининг ваколатлари доирасида манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун бир қатор вазифаларни ўз зиммаларига олдилар.

Жумладан, вилоятдаги 767 та мактабларга вилоят Ички ишлар органларининг офицер ходимлари бириктирилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича самарали профилактик-огоҳлантирув ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари, Халқ таълими бошқармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан эса ўқувчилар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини ташкил этишда “Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги” усулларидан самарали фойдаланиш каби вазифалар юклатилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech