Андижон вилояти ИИБда олий таълим муассасалари битирувчи талабалари билан “Ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш” мавзусида учрашув ўтказилди
Жорий йилнинг 7 июнь куни олий таълим муассасалари битирувчи талабалари билан “Ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш” мавзусида Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи подполковник А.Т.Рахманов ва ушбу соҳага алоқадор масъул раҳбарлар томонидан учрашув ўтказилди.
Мазкур учрашувга Андижон вилоятидаги олий таълим муассасаларининг кундузги ва сиртқи таълим шаклини битираётган талаба ёшлари таклиф этилди.
Учрашув давомида подполковник А.Т.Рахманов талаба ёшларга ички ишлар органларидаги айни вақтда мавжуд бўш иш ўринлари, хизматга қабул қилиш жараёнларида номзодларга қўйиладиган талаблар, соҳада ходимларга яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берди, шунингдек, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига масъул ходимлардан жавоблар олишди.
Учрашув якунида талаба ёшлар учун вилоят ички ишлар бошқармаси маъмурий биносида, хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган ички ишлар органлари ходимларига атаб барпо этилган “Хотира майдони” ва “Шон-шараф” музейига саёҳатлар уюштирилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати