Андижон вилояти ИИБда йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида 2022 йилнинг 12 ойи давомида вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларини бартараф этиш, "Маҳаллабай" тамойили асосида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда тегишли шахсий таркиб иштирок этди.
Кун тартибига қўйилган масала юзасидан бошқарма бошлиғининг ўринбосарларини ҳисоботлари тингланиб, вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлашда сусткашликка йўл қўйиб, жиноятни содир этилишига шарт-шароит яратиб берган омиллар ўрганилиб, бу борада ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматларнинг фаолиятларига танқидий баҳо берилди.
Шунингдек, йиғилишда уюшмаган ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича профилактик тадбирлар, алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган шахслар билан “Маҳаллабай” ишларни жадаллаштириш, шунингдек, 3-секторда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш борасида ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати