28 Май 2021 йил 574

Андижон вилояти ИИБнинг мурожаатлар билан ишлашга масъул раҳбар ва ходимлари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2021 йилга мўлжалланган фаолият дастурига мувофиқ ички ишлар органлари ходимларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида Андижон вилоятида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

Жорий йиднинг 28 май куни Қўрғонтепа тумани ва Андижон шаҳрида ўтказилган семинарларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакили Сарвар Мамадиев, ИИВ Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси мутахассислари, подполковник Шуҳрат Абдумуратов, подполковник Шерзод Қуйчиев, ИИВ ЙҲХББ мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, подполковник Дилноза Ражабовадан иборат ишчи гуруҳи иштирок этди.

Андижон вилояти ИИБ соҳавий хизматларининг мурожаатлар билан ишлашга масъул мутасадди раҳбар ва ходимлари қатнашган семинар-тренинг ўзаро савол-жавоб тарзида, кўтаринки руҳда ўтди. Ишчи гуруҳ аъзолари Ўзекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонасига тушаётган ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар ҳақида алоҳида тўхталиб, уларни ҳал этиш жараёнида учраб турган айрим камчиликлар ҳамда бартараф этиш йўллари ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Айниқса, семинарда йўл ҳаракати хавфсизлиги, тергов, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишларидаги мурожаатлар таҳлил этилиб, такрорий мурожаатларни камайтириш, ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор қаратиш ва масъулият билан ёндашиш бўйича зарур тавсиялар, маслаҳатлар берилди.

Мулоқот ва дўстона руҳда ўтган семинар давомида мурожаатлар билан ишлашдаги электрон тизим ва механизмларга қўшимчалар киритиш, соддалаштириш бўйича таклифлар ҳам билдирилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech