Андижон вилоятида “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманида тарғибот тадбирлари ўтказилди
Андижон вилоятида “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида ўтказилаётган навбатдаги тарғибот тадбирлари 6 июнь куни Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманида ташкил этилди.
Дастлаб, Хонобод шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходимлари томонидан аҳоли ўртасида амалга оширилаётган комплекс тарғибот-ташвиқот ишлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда кибермаконда содир этилаётган жиноятлар, уларга қарши курашиш ва бу турдаги жиноятлардан жабрланиб қолишга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилиб, фуқароларнинг саводхонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, бу турдаги жиноятлар салмоғи ортиб бораётгани аниқ мисоллар ёрдамида айтиб ўтилди.
Шунингдек, 5-12 июнь кунлари Андижон вилоятида барча корхона, муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган 12 турдаги профилактик чора-тадбирлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар етказилди.
Хонобод шаҳридаги ҳарбий қисмда давом этган тадбирда ҳам кибержиноятчиликни олдинги олишга қаратилган чоралар юзасидан батафсил маълумотлар берилди
Хусусан, бугунги кунда киберхавфсизлик тушунчасининг кўлами фақатгина ахборот технологиялари саноатида ахборотни ҳимоялаш эмас, балки кибермакон каби мобил тўловлар, электрон савдо-сотиқ ва интернет банк каби энг сўнгги технологиялар ҳам юқори даражадаги хавфсизликни талаб этаётганлиги аниқ мисоллар орқали тушунтирилди. Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар берилди.
Тарғибот тадбири куннинг иккинчи ярмида Қўрғонтепа туманида давом эттирилиб, тиббиёт техникуми ва “Мурувват” уйида ўтказилди.
Унда кибермаконда содир этилаётган жиноятлар бўйича маълумотлар берилди. Хусусан, ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан мақсадли фойдаланишлари, шахсий маълумотлар ва банк пластик карта кодларини бегона шахсларга ошкор этмасликлари тўғрисида суҳбатлар уюштирилиб, барча огоҳликка чақирилди.
“Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасидаги тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати