Андижонда 69 нафар абитуриент тақиқланган буюмлар олиб киришга уринганлиги сабабли тест имтиҳонидан четлаштирилди
Андижон вилоятидан жорий йилда мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида ўқиш истагини билдирган жами 106 минг 697 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Шундан 96 минг 57 нафар абитуриент бевосита Андижонда ўтказиладиган тест синовларида иштирок этади. Айни кунларда Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" мажмуасида олий таълим муаасасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда.
Тест жараёнларини белгиланган тартиблар асосида ва юқори савияда ўтказиш, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, абитуриентларни тест ўтказиладиган майдонларга коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилган ҳолда киритиш мақсадида ички ишлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Миллий гвардия ҳамда санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари жалб қилинган.
Хусусан, Андижон вилояти ички ишлар бошқармасининг 170 нафар ходимлари ва 12 та хизмат итлари тест жараёнларида хавфсизликни таъминлашда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.
Шунингдек, тест синовларига олиб келинган транспорт воситаларига ҳамда абитуриентларнинг яқинлари учун ҳам қулайликлар яратилмоқда.
Имтиҳондан олдин абитуриентларнинг тест ҳудудига тақиқланган нарсаларни олиб киришлари мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантириш ишлари олиб борилган бўлса ҳам, уларнинг айримлари томонидан ичкарига турли нарсалар олиб кириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Хусусан, тест синовларининг ўтган саккиз куни мобайнида жами 69 нафар абитуриент тақиқланган буюмлар олиб киришга уринганлиги сабабли тест имтихонидан четлаштирилган.
Андижон вилояти ИИБ ходимлари бошқа ҳамкор ташкилотлар билан хамжихатликда тест жараёнларини белгиланган тартиблар асосида ўтказилишини таъминланишида ўзларининг хиссаларини қўшмоқдалар. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказилаётган тест синовлари эса давом этмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати