6 Июн 2022 йил 535

Андижонда автомашина ўғирлиги эксперт-криминалистика марказининг замонавий рақамлаштирилган идентификация тизими орқали фош этилди

Жорий йилнинг 15 май куни соат 22:00лар чамасида фуқаро Ю.И.Бакиров Андижон вилояти ИИБнинг «102» қисқа рақамига хабар бериб, ўзига тегишли бўлган давлат рақами 60 У 660 КА «Жентра» русумли автомашинасини Андижон тумани, Боғишамол даҳасида жойлашган «Тандир» ошхонаси ёнига қўйиб, ўзи овқатланиб қайтиб чиққан вақтда номаълум шахслар томонидан олиб қочилганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят ИИБ Навбатчилик қисми томонидан зудлик билан «Тўсиб ушлаш» режаси ҳаракатга келтирилиб, хабарномалар тарқатилиб, ҳолат юзасидан Андижон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Андижон вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ва қидирув ҳаракатлари давомида, номаълум шахс автомашинани ҳодиса содир бўлган жойдан Наманган вилояти йўналишига ҳаракатланиб олиб қочганлиги аниқланган.

2022 йил 19 май куни Балиқчи тумани, Тумор МФЙ, Андижон кўчасида жойлашган «Андижон метан бизнес» МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасидаги видеокузатув мосламалари кўздан кечирилганида, 2022 йил 15 май куни давлат рақами 60 U 660 КА бўлган «Жентра» русумли автомашинасига газ қуйилганлиги маълум бўлди. Ушбу видеоёзувлар холислар иштирокида баённома орқали олиниб, Андижон вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика марказига тақдим қилинди.

Тақдим этилган видеоёзувлар экспертлар томонидан синчковлик билан ўрганилганида гумон қилинувчи шахснинг юз қисми тўлов кассасига жойлашган кузатув камерасига қисқа сониялар ичида қисман тушганлиги аниқланди.

Ушбу видеоёзувдаги гумон қилинувчи шахс компьютернинг махсус программалари орқали суратга олиниб, шахсни юз тузилиши бўйича идентификация қилиш тизими орқали текширилганида вилоят ИИБ ЭКМ катта экспертининг эксперт маълумотномасига асосан, мазкур автомашинани бошқариб келган ва видеокузатув камерасига тушиб қолган шахс Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро З.П эканлиги маълум бўлди. У билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, давлат рақами 60 U 660 КА бўлган «Жентра» русумли автомашина З.П томонидан олиб қочилиб, Наманган шаҳар, Пахтакор кўчаси, 15-уй олдига ташлаб кетилганлиги аниқланди ва автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилиб, баённома орқали олинди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech