Андижонда автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига пора таклиф қилган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
Андижон вилояти, Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи 2020 йил 11 февраль куни Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти номига билдирги билан мурожаат қилган. Билдиргисида тергов бўлими ўғирлик жиноят иши юзасидан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган фуқаро Х.М жарима майдончасида сақланиб келаётган «Дамас» русумли автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ доллари ҳамда умумий нарҳи 4 млн сўм бўлган майиший техника воситаларини пора сифатида беришни таклиф қилаётганлигини, шу сабабли Х.М. га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу билдирги юзасидан, 2020 йил 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Андижон вилояти бўйича бўлими ва Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Пахтаобод туманида яшовчи Х.М жарима майдончасида сақланиб келаётган «Дамас» русумли автомашинасини чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ доллари ҳамда 1 дона “Кара” русумли ламинатор, 1 дона “Epson” русумли принтер ва 1 дона “Beng” русумли мониторни ИИБ ходимга пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтаобод тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.М.га нисбатан шу кунининг ўзида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати