“Андижонда блогер Ферузхон боғча опани “шантаж” қилиб 350 $ ни олаётганда қўлга тушиб қопти! Блогер қамағда, боғча опа эса хурсандмиш” мазмунида тарқалган хабарлар юзасидан
Жорий йилнинг 9 март куни фуқаро Х.С ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилиб, 2021 йилда Андижон шаҳрида жойлашган мактабгача таълим муассасасида ишлаб келаётган вақтида телеграмм гуруҳи орқали ходимларига топшириқ берган овозли хабарларини фуқаро Н.Ф томонидан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, товламачилик йўли билан 200 АҚШ доллари талаб қилиб олганлигини ва яна қўшимча 150 АҚШ доллари талаб қилиб келаётганлигини маълум қилган.
Мурожаатга асосан Андижон вилояти ИИБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Н.Ф ариза муаллифи Х.С.дан товламачилик йўли билан талаб қилинган 150 АҚШ долларини олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Н.Ф. қонуний тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати