Андижонда боғчаларда тарбияланаётган болаларнинг саломатлигини асраш масалалари юзасидан вилоят ИИБ, вилоят прокуратураси, санитария эпидемиология осойишталик маркази масъул раҳбарлари ҳамда аутсорсинг компания директорлари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди
Фарзандларимизнинг соғлом ўсиши, уларнинг тарбияси ва билим олишлари-ю атрофдаги инсонлар билан мулоқотга киришишида мактабгача таълим ташкилотларининг ўрни катта. Мазкур ташкилотларда фарзандларимизга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, уларнинг назорат қилиниши юзасидан Андижон вилояти ИИБ, вилоят прокуратураси, вилоят санитария эпидемиология осойишталик маркази масъул раҳбарлари ҳамда аутсорсинг компания директорлари иштирокида Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармасида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Учрашув вилоятимиз ҳудудида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилишни ташкил этиш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар ҳамда улар истеъмол қилаётган маҳсулотларни сифатини назорат қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланди.
Бугунги кунда, Андижон вилояти ҳудудида жами 516 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, ушбу ташкилотларга 104 та озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи масъулияти чекланган жамиятлар хизмат кўрсатиб келмоқда.
Учрашувда сўз олганлардан Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи подполковник И.Файзуллаев томонидан вилоят ҳудудида мактабгача таълим ташкилотларида соҳага оид содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари, мазкур ташкилотларга “Аутсорсинг” тизими орқали хизмат кўрсатиб келаётган тадбиркорларнинг фаолияти ҳамда улар томонидан боғчаларга етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини сифатини назорат қилишда йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида атрофлича сўз юритилди.
Шундан сўнг, видеоселектор иштирокчиларига охирги бир ой давомида, республикамизда фаолият кўрсатиб келаётган мактабгача таълим ташкилотларида содир бўлаётган салбий ҳолатлар тўғрисида маълумотлар етказилди ва ушбу ҳолатлардан ўринли хулоса чиқариш кераклиги тушунтириб ўтилди.
Бундан ташқари, болаларни ташкилотга келиб-кетишида ота-оналар ёки уларни ўрнини босувчи шахслар айнан жавобгар эканликлари, ушбу вазифаларга бепарволик оқибатида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар мисоллар орқали тушунтириб ўтилди.
Тадбир якунида, болаларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартибини кучайтириш мақсадида таълим ташкилотларида чора-тадбирлар мукаммал белгиланишига жиддий аҳамият берилиши, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда таълим ташкилотларига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришга жиддий эътибор қаратиш масалаларида алоҳида кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати