Андижонда фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш ҳолати аниқланди. Пора олмоқчи бўлган шахс далиллар билан қўлга олинди
Андижон вилояти ИИБга Қўрғонтепа туманида яшовчи фуқаро М.А ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида Хонобод шаҳридаги “Хонтоғ” дам олиш масканида шериклари “С” ва “Х” исмли шахслар билан маст холда ўзаро жанжаллашганлиги сабабли Хонобод шаҳар ИИБ профилактика инспектори томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга тақдим этилганлигини, жанжалда иштирок этган шериги “С” исмли шахс мазкур ҳолатни Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судида ишловчи таниши орқали ҳал қилиб бериши эвазига жами 1 500 000 сўм миқдоридаги пул маблағларини талаб қилаётганлигини билдирган ҳамда фуқаро “С” ва унинг танишига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Мазкур аризага асосан, 2022 йил 3 апрель куни Андижон вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро А.С Хонобод шаҳрида жойлашган умумий овқатланиш шахобчаларидан бирида ариза муаллифи М.А дан 1 500 000 сўм миқдоридаги пулларни олган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати