4 Октябр 2022 йил 380

Андижонда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ходимлари томонидан “Isuzu” русумли автобус негизида барпо этилган “Кўп функцияли мобил маркази”дан фойдаланган ҳолда сайёр ўқув машғулотларини ўтказилди

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти қуйи тизимларидаги шахсий таркибининг хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда касбий тайёргарлигини янги босқичга кўтариш ҳамда ходимлар билан ўтказиладиган машғулотларда инновацион технологиялардан фойдаланиш мақсадида “ISUZU” русумли автобуси негизида “Кўп функцияли мобил маркази” барпо этилди.

Кўп функцияли мобил марказида фуқаролар учун алоҳида ватанпарварлик руҳидаги видеофильмлар намойиш қилиш, ёшлар билан сайёр учрашувлар ўтказиш, электрон кутубхона, фуқаролик ID паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш имконияти яратилган.

Ходимларнинг жанговар тайёргарлигини яхшилашга кўмаклашувчи виртуал симуляцион комплексларини жорий этиш бўйича шароитлар яратилган бўлиб, керакли дастурий таъминотлар яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Сайёр лазерли электрон тир технологиясини жорий этиб, жанговар отиш эффектини бера оладиган қурилмалардан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилди. Ходимларни махсус воситаларини қўллаш бўйича  амалий машғулот ўтказиши учун шароитлар яратилди. Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича мультимедиа қурилмалари билан дарс машғулотлари ўтказиш тизими жорий этилди. Уларнинг билим савиясини баҳолаш учун тест синовларини қабул қилиш бўйича дастурий таъминоти ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг 3 октябрь куни Андижон вилояти Хонобод ва Қўрғонтепа туманлари ИИБлари Жамоат хавфсизлиги хизмати шахсий таркиби билан ички ишлар бўлимлари саф майдонида мутахассислар иштирокида қисқа муддатли сайёр ўқув машғулотлар ташкил этилди.

Ушбу ўқув машғулотларда жами 191 нафар, шундан Патруль-пост хизмати 20 нафар, Конвой хизматидан 10 нафар нафар, пробация 10 нафар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси 129 нафар, жиноят қидирув 10 нафар ва тергов 12 нафар ходимлари иштирок этди.

Ўқув машғулотларида қуйидаги мавзуларда дарслар ташкил этилди. Макаров пистолети ва Калашников автоматини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, хизмат қуролини ва махсус воситаларини техник-тактик тавсифи, фойдаланиш қоидалари ва хавфсизлик чоралари, электрон тир мажмуасида амалий ўқ отиш амалий машғулотларини ўтказиш, ОАВ ва блогерлар билан муносабатга киришганда ҳаракатланиш тартиблари бўйича видеороликлар намойиш қилинди.

Юқорида қайд этилган чора-тадбирларнинг амалиётга татбиқ этилиши ходимларнинг касбий тайёргарлигини, билим савияси ва тажрибасини оширишга, ходим ўзини турли тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиши ҳамда ностандарт вазиятларда тезкор тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларининг шаклланишига хизмат қилади.

Қисқа муддатли ўқув йиғинлари давом эттирилмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech