Андижонда мустақиллик байрами арафасида ички ишлар ҳамда миллий гвардя ходимлари учун замонавий уйлар топширилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 октябрдаги “Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг турар жой-маиший шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳар йили республикамизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Андижон вилоятида ҳам бир нечтадан кўп қаватли турар жойлар қуриб битказилиб тантанали равишда топширилмоқда.
Андижон шаҳрининг Ҳамкорлик МФЙ худудида ҳар бири 30 хонадондан иборат 3 та беш қаватли уй фойдаланишга топширилди. Бу Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги куни арафасида соҳа ходимлари учун ажойиб байрам совғаси бўлди.
Мазкур муносабат билан ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари, уларнинг оила аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида уюштирилган тантанали тадбирда Андижон вилояти ҳокими , вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Миллий гвардия Андижон вилояти бўйича бошқармаси раҳбарлари сўзга чиқди.
Унда мамлакатимизда эл осойишталигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида кечаётган янгиланишлар жараёни тўғрисида фикр юритдилар.
Шунингдек, давлатимизнинг мазкур соҳа вакилларига қилаётган эътибори, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан, яшаш шароитларини янада яхшилаш борасидаги ғамхўрликлари хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.Андижон шаҳрида узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида 108 та оилага мўлжалланган икки, уч хонали турар жойларнинг қурилгани ҳам бунинг яққол амалий ифодаси бўлди.
Маросимда хонадон эгаларига уй калитлари тантанали равишда топширилди.
– Албатта, жуда хурсандмиз, – дейди ИИБ ходими Дурдона Қодирова – уч хонали нархи арзонлаштирилган уйимизда ошхона, болалар хонаси ва меҳмонхонагача зарур мебель, газ комфоркаси ва бошқа инвентарлар билан жиҳозланган. – Бундай ғамхўрлик ва қулайлик учун давлатимизга, Президентимизга катта раҳмат!
Албатта бу каби яратилаётган имконият ва шароитлардан ходимларнинг оилаларида хотиржамлик, ишларида эса унум ва самара бўлиши шубҳасиз.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати