Андижонда ўтган 7 ой давомида фуқаролар томонидан 387 та ўткир тиғли жисмлар бемақсад олиб юрилганлиги аниқланди
Андижон вилояти ИИБ патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари ҳамда бошқа соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида жамоат тартиби ва фуқароларнинг хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор амалий ишлар олиб бориляпти.
Хусусан, шу йилнинг ўтган 7 ойи давомида фуқаролардан жами 387 та ўткир тиғли предметлар олиниб, инсон соғлиги ва ҳаёти учун хавфли бўлган совуқ қуролларни ёнида бемақсад олиб юрганликлари аниқланган. Ушбу олинган тиғли жисмлар тегишлилиги жиҳатдан ҳудудий ички ишлар бўлимларига юборилиб, маҳаллий ҳокимият, диний идора вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинган.
Андижон вилояти ИИБ патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари томонидан Андижон шаҳрининг кўча ва жамоат жойларида фуқаролар ўртасида тиғли предметлар орқали тан жароҳати етказилишининг олдини олиш мақсадида ўтган вақт оралиғида 300 дан ортиқ тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, Андижон шаҳрининг “Янги шаҳар” ва “Эски шаҳар” ҳудудларида ҳамда “Жаҳон буюм бозори”да фуқаролар билан 128 маротаба профилактик суҳбатлар ва огоҳлантириш тадбирлари олиб борилди. Ҳозирда бу борадаги профилактик ишлар давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати