Андижонда Қирғизистонга ўқишга киритиб, кейин Ўзбекистонга кўчириб бериш эвазига 7000 АҚШ доллари талаб қилган фирибгар қўлга олинди
Андижон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Р.нинг аризасига асосан Андижон ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда яна бир коррупцион ҳолатнинг олди олинди.
Хусусан, ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро М.У ариза муаллифидан унинг дугонасининг ўғли ва келинини Қирғизистон Республикаси Ош давлат университетининг “Педагогика” йўналишига ўқишга киритиб, сўнг уларнинг ўқишини Андижон давлат университетига кўчириб беришда ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига жами талаб қилинган 7000 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати