Андижонда қўшмачилик билан шуғулланиб келаётган аёллар қўлга олинди
Бугунги кунда айрим нопок кимсалар енгил пул топиш илинжида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш каби жирканч ишни ўзларига касб қилиб олиб, шунинг ортидан тирикчилик қилишни ўзларига эп кўрмоқдалар. Ушбу иллатга қарши Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳам аёвсиз кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 феврал куни Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ҳамда Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1983 йилда туғилган аёл Д.И вақтинча яшаб келаётган хонадонида бошқа бир аёл К.Й.ни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда 250000 сўм миқдордаги пуллар эвазига холис мижоз билан жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.
Тезкор тадбир давомида аёл томонидан тақдим этилган 250000 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида холислар иштирокида баённома орқали расмийлаштирилди.
Яна бир ҳолат жорий йилнинг 14 март куни Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Андижон шаҳар ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир натижасида аниқланди. Унда 1993 йилда туғилган аёл Ш.Д яшаш хонадонида 1998 йилда туғилган Д.М.ни шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш мақсадида сақлаб, 800.000 сўм пуллар эвазига бир нафар эркак билан жинсий алоқа қилиши учун шарт-шароит яратиб берган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.
Тадбир давомида 800000 сўм пуллар далилий ашё тариқасида холислар иштирокида расмийлаштирилиб олинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳар икки ҳолат юзасидан Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати