Андижонда спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида содир этилган жиноят кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
2020 йилнинг 10 март куни Шаҳрихон туманида яшовчи М.Р. ўзининг яшаш уйида танишлари И.О. ва М.Н.лар билан спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, маст ҳолда ўзаро жанжаллашган. Бунинг оқибатда эса М.Р. ошхонадаги хўжалик пичоғи билан И.О.нинг қорин қисмига, М.Т.нинг чап кўкрак қисмига уриб тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрихон тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан М.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шаҳрихон тумани Қайрағочгузар маҳалласида Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Я.А.Абдулхаков раислигида М.Р.нинг қилмиши кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилинди. Унда аксарият маҳалаларда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларнинг атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик билан қараб, кўриб- кўрмасликка олаётганликлари, бўлаётан холатларга томошабин бўлиб ўрганиб қолаётганликлари кескин қораланди. Муҳокамада иштирок этган фуқаролар ҳам содир этилган бу ҳолат бўйича ўз муносабатларини очиқ ойдин баён этдилар.
Бўлиб ўтган бу воқеани мухокамада иштирок этганларнинг барчаси оиласи, қариндош-уруғлари, маҳалласидагиларга ибрат олиш мақсадида етказишлари шарт эканлиги қайта-қайта таъкидланди.Тадбир давомида ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган мудхиш жиноятлар ва уларнинг аччиқ пушаймонлиги акс этган махсус “Огоҳлик” номли кўрсатув намойиш этилди.
Муҳокама сўнгида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини кенг жамоатчилик вакилларига янада таъсирчан усулларда етказиш бўйича худудий профлактика инспекторлари, махалла фуқаролар йиғини раислари, кўчабошилари, оқсоқоллари ҳамда махалла фаолларига муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати