Андижонда товламачилик йўли билан фуқаролардан пул талаб қилган сохта ички ишлар ходими қўлга олинди
Андижон шаҳрида яшовчи Д.Э исмли аёл Андижон шаҳар 3-кичик даҳа ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг бирини вақтинча фойдаланиш мақсадида ижарага олиб, 2023 йил 19 май куни соат 21:00ларда А.Т исмли эркак танишини таклиф қилади ва улар ушбу хонадонда кўришадилар.
Қўштирноқ ичидаги ошиқ-маъшуқларнинг хонадонда эканликларидан хабар топган О.У исмли йигит аёлнинг ижарадаги уйига келиб, бақир-чақир орқали хонадон эшигини очишига эришиб, уларга ўзини ички ишлар органлари Одам савдосига қарши курашиш бўлими ходими сифатида таништириб, ўзи тайёрлаб олган сохта хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, хонадон ичидаги Д.Э исмли аёл ва унинг жазмани А.Т исмли эркакни нопок ишлар билан шуғулланаётганлигини рўкач қилиб, ушбу жараённи ўзининг уяли телефон аппарати орқали видеотасвирга тушириб, уларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳамда яшаш манзилига бориб маҳалласи ва яқин қариндошлари ўртасида айтиб шарманда қилиш билан қўрқитиб, А.Т исмли эркакни юз қисмига уриб, “Samsung-S20” русумли телефон аппаратини тортиб олади.
Эртаси куни ўзини гўёки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими сифатида тутган шоввоз А.Т исмли эркак билан кўришиб, жазмани билан бўлган ҳолат бўйича ўзидаги видеороликни ҳеч кимга тарқатмаслик ва ҳолат бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмаслик эвазига 500 АҚШ доллари пулларни товламачилик йўли билан талаб қилиб, ушбу пулларни топиб келишини айтади.
Шунингдек, содир этаётган ғайриқонуний қилмишлари сўнгги вақтда силлиқ кетаётганлигидан шодланган сохта ходим д.Э исмли аёлнинг ҳам жазмани билан бўлган ҳолатни яқинларига айтиб шарманда қилиш билан қўрқитиб, ўзи билан бирга кўнгилхушлик қилишга мажбур қилади.
“Шаҳар бедорвоза эмас” ёхуд “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган халқимизнинг нақллари бекорга айтилмаганидек, А.Т исмли эркакни сохта ходимнинг қилмишлари тўғрисидаги аризасига асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлиги бош бошқармаси Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан 2023 йил 22 май куни ўтказилган тезкор тадбир давомида сохта ходим А.Т исмли фуқародан талаб қилган 500 АҚШ доллари ҳисобидан 3.200.000 сўм пулларни Андижон шаҳар Амир Темур шох кўчасидаги “Авто шох бекати” ҳудудида олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Текширув давомида, товламачининг ички ишлар органлари формасидаги бир нечта фотосуратлари ҳамда “лейтенант” махсус унвонидаги, ИИО хизмат кийимидаги расми бўлган сохта хизмат гувоҳномаси ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат бўйича Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан сохта ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати