Андижонда вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим бериб келган шахслар суд томонидан жазога тортилди
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририда диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди. Афсуски, бугунги кунда ҳеч қандай рухсатномасиз диний таълим бериш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Жорий йилнинг 12 август куни Андижон шаҳрида ўтказилган сайёр суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан бир қатор ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, шу йилнинг 24 июль куни Андижон шаҳар, Садда МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро С.О яшаш хонадонида 3 нафар вояга етмаган болаларга, Андижон шаҳар, Обод МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Ю.Р эса яшаш хонадонида 2020 йилнинг куз ойларидан буён жами 18 нафар вояга етмаганларга, шунингдек, жорий йилнинг 5 август куни Избоскан тумани, Қўш-кўприк МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро К.А ижара асосида фойдаланиш учун олган Андижон шаҳрида жойлашган “Инденим” савдо мажмуасининг 5-қаватида жами 21 нафар вояга етмаган фуқароларга тегишли рухсатномасиз, ноқонуний диний таълим бериб келганлиги аниқланган.
Сайёр суд мажлиси якунида Жиноят ишлар бўйича Андижон шаҳар суди томонидан О.С ва Р.Ю.ларга нисбатан 10 сутка, А.К.га нисбатан 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати