19 Апрел 2024 йил 4132

Андижон шаҳри бўйича ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими ташаббуси билан талаба-ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилди

Жорий йилнинг 17 апрель куни Андижон машинасозлик институтида талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олишга қаратилган “Жиноятчилик ва диний экстремизмга қарши курашиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда институт ахборот технологиялари бўйича проректори Муроджон Шербоев, Андижон шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи, подполковник Шоҳруҳ Мирзажонов, профилактика инспектори, майор Иззатилло Қаҳҳоровлар қатнашди.

Давра суҳбатида ёшларга ўзларининг истеъдод ва иқтидорларни намоён этишлари, сифатли таълим тарбия олишлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилаётгани қайд этилди. Афсуски, бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига вақтини бекорчи нарсаларга сарфлаётган ёшлар ҳам борлиги, оқибатда жиноят йўлига кириб қолаётганлиги таъкидланди. 

Маърузачилар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, содир этилаётган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни судда кўрилган жиноят ишлари мисолида таништириб ўтдилар.

“Ҳар бир талаба ортида ота-она умиди, устозлар ишончи бор. Ушбу ишончни оқлаш учун умрингизнинг энг гўзал палласини бекорчи нарсаларга эмас, вақтдан унумли фойдаланишга сарфлаш лозим. Бўлмаса жиноят йўлига кириб, қонун олдида жавоб беришингизга тўғри келиб қолади. Сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек кейинчалик афсусланиб қолманг”, — дея ўз маслаҳатларини берди Шоҳруҳбек Мирзажонов

Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган мавзу ва тегишли муаммолар бўйича саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.


Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech