25 Июл 2024 йил 2518

Андижон шаҳрида содир этилган жиноят сабаблари кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласида содир этилган қотиллик жинояти юзасидан Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Ф.К.Гиясов ҳамда Андижон вилояти прокурорининг ўринбосари полковник И.Ж.Бабамурадовлар  иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Унда сектор раҳбарлари, "маҳалла еттилиги" аъзолари, нуронийлар hamda кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сўз олганлар томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди. Шунингдек, кичик низоларга ва ўзаро тортишувларга гувоҳ бўлаётган пайтда атрофдагиларнинг мажбуриятлари, тинчликни сақлаш олдидаги вазифалари, зудлик билан ўша ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторига хабар қилиш ҳамда бошқа бир қанча мавзуларда сўз юритилди.

Бундан ташқари, бошқа бир инсонга қасддан зарар етказишнинг гуноҳи оғир эканлиги, икки ёки ундан кўпроқ инсонлар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлиш ҳам катта айб саналиши ҳақида атрофлича сўз олиб борилди. Маҳалла еттилиги аъзолари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун бор имкониятлари билан ҳаракат қилишларини таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, ўтказилган муҳокама йиғилишида ўғрилик, фирибгарлик ва талончилик ва бошқа турдаги жиноятларини олдини олиш ва бунга имкон яратган шарт-шароитлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Ушбу турдаги жиноятларни аҳоли ўртасида муҳокама этиш ишлари мунтазам амалга оширилаётган бўлсада, ҳануз ўзгалар мулкини ўғирлаш, одамларни алдаб чув тушириш ҳолатлари рўй бераётганлиги кескин танқид остига олинди.

Муҳокама якунида  содир этилган қотиллик жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech