Андижон давлат педагогика институти талабалари билан “Маърифат улашиб” маънавий-маърифий лойиҳаси остида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди
Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бундай маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди. “Маърифат улашиб” маънавий-маърифий лойиҳаси остида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” Андижон давлат педагогика институти талабаларини ҳам шукуҳли муҳитда бирлаштирди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси “Нуроний жамғармаси” Андижон вилояти бўлими раиси Ў.Н.Охунов, Ўзбекистон Республикаси “Нуроний жамғармаси” бошқарувининг бўлим бошлиғи А.Умаров, Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Д.Юсупов, меҳнат фахрийси, истеъфодаги полковник С.Шамсутдинов, Андижон давлат педагогика институти профессори, меҳнат фахрийси Қ.Ибайдуллаевлар иштирок этди.
Ўзаро суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани бот-бот таъкидланди.
Ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди. Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатлар бош мавзусига айланди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати