Андижон машинасозлик институтида “Ватанпарварлик — миллий ўзликни англашнинг юксак натижасидир” мавзусида учрашув ўтказилди
Тадбирда Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси Фахрийлар кенгашининг раиси ва унинг аъзолари ҳамда институт профилактика инспектори иштирок этди.
Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшлар таълим тарбиясига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар, яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, экстремизм, терроризм ва гиёҳвандлик каби иллатлар домига тушиб қолмаслик учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида ёшларга ўз ўгитларини бердилар. Ўз тажрибасидан келиб чиқиб, мавзуга оид ҳаётий мисоллар ва ибратли воқеаларни ҳам сўзлаб бердилар.
Бундан ташқари, ёшларда ватанпарварлик туйғусининг барқ уришида таълим ва тарбиянинг узвийлиги муҳим ўрин тутишини таъкидладилар. Бунда, оила, мактабгача таълим муассасалари, мактаб ва олий ўқув юртлари фаолиятида узвийлик тамойилининг татбиқ этилиши ватанпарварлик туйғусининг янада такомиллашувига олиб келишини қайд этдилар.
Учрашув ғоят сермазмун, таассуротларга бой ўтди. Тадбирда талабалар ҳам сўз олиб, ушбу учрашувдан улкан маънавий озуқа олганини келажакда эл-юртга ҳалол ва фидойилик билан хизмат қиладиган инсон бўлиб етишишга интилишларини айтишди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати