Андижон шаҳрида сектор раҳбарлари томонидан дорихоналар, савдо дўконлари ва бозорлар фаолияти ўрганилди
Андижон вилоятида коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг 15 июль куни Андижон шаҳрининг 4 та сектор раҳбарлари ҳозирги пандемия вақтида шаҳарда фаолият кўрсатаётган дорихоналар, савдо дўконлари ва бозорлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Сектор раҳбарлари пандемия шароитида керакли бўлган дори-дармон воситаларининг захирасини таъминлаш, нархларни сунъий оширмаслик, бозорлар ва дорихоналарда савдо маданиятига риоя этиш ҳамда санитария ҳолатларига бўлган эътиборни янада кучайтириш бўйича жойларда тушунтириш ишларини олиб бордилар.
Ўрганишлар давомида тадбиркорларга фаолиятини тартибга солиш юзасидан керакли маслаҳатлар ва кўникмалар берилди. Қонун доирасида белгиланган тартибда фаолият олиб боришлари бугунги синовли кунларнинг энг асосий шарти эканлиги ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Бу каби ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати