21 Июн 2021 йил 638

Андижон шаҳрида содир этилган қотиллик жинояти сабаблари кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Шу йилнинг 18 июнь куни соат 18:20 ларда, Андижон шаҳри, Наврўз МФЙда яшовчи фуқаро Х.М яшаш уйида ўзининг келинопаси Х.Г билан ўзаро оилавий масалада жанжаллашиб, хўжалик пичоғи билан унинг кўкрак қисмига бир маротаба уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган. 

Ушбу ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан шу Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Содир этилган ушбу жиноятни кенг жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Муҳокамада ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари туб илдизигача таҳлил қилинди.

Унда оддий келишмовчиликлар оғир жиноятларга сабаб бўлаётгани, бунда жойлардаги мутасаддилар шу йўналишда етарлича иш олиб бормаётганини қатъий танқид остига олинди.  Шунингдек, Бу каби мудхуш жиноят учун  қонунчилигимизда белгиланган  қатъий жазо чоралари қўлланилиши, жиноятга жазо муқаррарлиги алоҳида  таъкидлаб ўтилди.  

Шунингдек, аксарият маҳаллаларда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларнинг атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик билан қараб, кўриб-кўрмасликка олаётганликлари, бўлаётан ҳолатларга томошабин бўлиб ўрганиб қолаётганликлари кескин қораланди. Муҳокамада иштирок этган фуқаролар ҳам содир этилган бу қотиллик бўйича ўз муносабатларини очиқ ойдин баён этдилар.

Муҳокама сўнгида мазкур  жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини кенг жамоатчилик вакилларига  янада таъсирчан усулларда етказиш бўйича ҳудудий профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, кўчабошилари, оқсоқоллари ҳамда маҳалла фаолларига муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech