Андижон шаҳрида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик
Бугунги кунда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари ҳамда жамоатчилик вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Маҳалла осойишталигини таъминлаш ва фуқаролар ишончини оқлашда кенг жамоатчилик, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда фаолларини жалб этиш самарадорликка эришишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Бу борадаги ишлар Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олиниб, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш тизими самарали йўлга қўйилган.
Хусусан, жорий йилнинг 29 июль куни Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ташаббуси билан Андижон вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасида Андижон шаҳри ҳудудига тунги хизматга жалб қилинган ички ишлар органлари шахсий таркиби, шаҳардаги барча маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида йўриқнома ўтказилди.
Тадбирда шаҳар ҳудудида куч-воситаларни тўғри тақсимлаш, жиноятчилик аҳволи оғир маҳаллаларга қўшимча куч-воситаларни жалб қилиш орқали маҳаллаларда содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш, айниқса, тунги вақтларда уюшмаган ёшлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Бунда, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан ёшларни қонунга итоаткорлик ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда ўзларининг кўп йиллик ижобий тажрибаларидан фойдаланган ҳолда ички ишлар органларига елкадош бўлишлари ҳақида алоҳида тўхтатилиб ўтилди.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат вақтида фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, қонунчилик ва хизмат интизомига қатъий риоя қилиш лозимлиги таъкидланди.
Бу тажрибани вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш орқали фуқароларимизни эртанги кунга бўлган ишончини ошириш ва уларни рози қилиш асосий мақсадимиз эканлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати