Андижон туманида оила турмуш доирасида содир этилган жиноят сабаблари кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама этилди
Андижон тумани Чавкандарё МФЙда оила турмуш доирасида содир этилган қотиллик жинояти юзасидан Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев бошчилигида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Унда туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи ва ходимлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўз олганлар томонидан содир этилган қотиллик жинояти сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди.
Хусусан, ушбу жиноят ҳам бир куннинг ўзидаёқ содир бўлиб қолмаганлиги, аввалдан бўлиб келган кичик низолар ва ўзаро тортишувлар оқибатида юзага келганлиги, атрофдагиларнинг эса бу ҳолатларга кўр-кўрона муносабатда бўлганлиги жиддий танқид остига олинди.
Шунингдек, бундай нохуш ҳолатларнинг юз бераётганлигига сабаб сифатида оилада ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига жиддий эътибор бермаётганликлари ҳаётий мисоллар орқали айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, маҳалла раиси, нуронийлар ва маҳалла фаоллари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун бор имкониятлари билан ҳаракат қилишларини таъкидлаб ўтишди.
Муҳокама якунида содир этилган қотиллик жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар юклатилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати