Андижон туманида содир этилган жиноят сабаблари вилоят прокурори ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи томонидан кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилинди
Андижон туманининг Жаннатмонанд маҳалласи ҳудудида содир этилган оғир турдаги жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, жамиятдаги ижтимоий-руҳий муҳитга таъсири ҳамда профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлиги масалалари бўйича вилоят прокуратураси ва вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан танқидий муҳокама ташкил этилди.
Муҳокама йиғилишида Андижон вилояти прокурори Муродилло Абдуҳакимов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Санжар Джабаровлар иштирок этиб, жиноят содир бўлишига олиб келган омиллар — оилавий низолар, жамиятдаги беэътиборлик, профилактик тадбирлар самарасизлиги ва муайян мутасадди органлар фаолиятидаги камчиликлар аниқ фактлар асосида танқидий кўриб чиқилди.
Муҳокама давомида жиноятнинг олдини олиш имкони бўлгани, лекин масалага масъул шахслар ўз вақтида зарур чораларни кўрмагани кескин танқид остига олиниб, маҳалла, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, эрта огоҳлантириш ва жиноятга мойил фуқаролар билан индивидуал ишлашнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ота-оналар фарзандларини ёнида тиғли буюмлар олиб юришига йўл қўймаслиги, бунинг оқибати аянчли якун топиши мумкинлиги ҳаётий воқеликлар ёрдамида айтиб ўтилди.
Бундан ташқари маҳалла вакиллари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга оид билдирилган масалалар ҳам тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора- тадбирлар белгиланди.
Тадбир якунида барча мутасаддиларга аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати