Андижон туманида “Зарбдор ўн кун” тезкор-профилактик тадбири давом этмоқда
Ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Асосий масала ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишдан иборатдир. Айни шу мақсадда Андижон туманида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш юзасидан “Зарбдор ўн кун” тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда. Тадбирга жами 90 нафар ходимлар ҳамда 50 нафар жамоатчилик вакиллари жалб этилиб бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш борасида профилактик тарғибот ишлари ўтказилди. Унда ёшларга жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофидаги инсонларга юксак ҳурматда қараш каби фазилатларнинг туб моҳияти ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилиб, талончилик, фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноятларнинг қурбонига айланиб қолмаслик юзасидан огоҳликка чақирилдилар.
Андижон вилояти ИИБ ЖҚБ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида Андижон туманида яшовчи фуқаро А.Т.нинг ёнидан кучли таъсир этувчи дори воситалари ва 2 дона елим идишга жойланган 8 бўлакларга бўлинган оғирлиги 2,64 грамм “ГАШИШ” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Шунингдек, Жиноят қидируви ходимлари томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида холис мижозларга 500 минг сўм миқдоридаги пуллар эвазига икки нафар аёллар билан “умумий ҳаммом” ниқоби остида хизмат кўрсатиб келаётган ҳаммомда жинсий яқинлик қилишлик учун шароит яратиб берган фуқаро У.Н тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.
Жорий йилнинг 29 октябрь куни Андижон туман ҳокимлигининг мажлислар залида ўтказилган “Сайёр суд” жараёнида Пробация гуруҳи ҳисобида бўлиб, тайинланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 5 нафар назаорат остидаги шахслар жиноят ишлари бўйича Андижон туман судига тақдимнома киритиш орқали жазоларидан муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.
Шунингдек, белгиланган чекловларга амал қилмай, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган шахсларнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Ушбу учрашувдан сўнг, “Меҳнат ярмаркаси” ҳам ташкил этилиб, 5 нафар назорат остидаги шахсларни ишга жойлаштириш бўйича йўлланмалар берилди ва 1 нафар маҳкум доимий иш билан таъминланди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўтказилган йўл транспорти ҳодисаларини олдини олишга қаратилган рейд тадбирларида тегишли ҳужжатлари бўлмай ва спиртли ичимлик ичиб автомашина бошқарган, ҳамда светофорнинг тақиқловчи ишорасига амал қилмаган кўплаб фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Ҳозирда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш юзасидан “Зарбдор ўн кун” тезкор-профилактик тадбири давом этмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати