Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида 39 нафар ёш ходимлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида учрашув-мулоқот ўтказилди
2020 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини кундузги бўлимини турли йўналишлар бўйича тамомлаб келган 39 нафар ёш ходим Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг шахсий таркиб бўйича буйруғи билан турли лавозимларга тайинланди. Шу билан бирга уларнинг ҳар бирига ички ишлар органларида узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган хизмат йўналиши бўйича мутахассис ҳисобланган 39 нафар ходимлар мураббий этиб бириктирилди. Ёш ходимларни лавозимга тайинлаш давомида уларнинг ота-оналари ҳамда уларга мураббий этиб бириктирилган ходимлар билан Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Д.Тасбаев иштирокида учрашув-мулоқот ўтказилди.
Унда ёш ходимларнинг келгусида хизмат фаолиятлари давомида хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий риоя этишлари ва фуқаролар билан ҳамиша хушмуомалада бўлишлари юзасидан керакли тавсиялар бериб ўтилди. Хизмат интизомига амал қилмасдан, қонун доирасидан четга чиққан айрим ходимларнинг аччиқ қисматлари ҳаётий мисоллар орқали ибрат олиш мақсадида етказилди. Ходимларнинг ота-оналари билан ҳам фарзандларини доимий назорат қилиб боришлари тўғрисида атрофлича суҳбат олиб борилди.
Шунингдек, тайинланган мураббийларга келгусида ёш ходимларга лавозимга кириш режаси бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларини назорат қилиб боришлари, ўзига бириктирилган ходимга иш тажрибаси ва касб сир-асрорларини ўргатишлари ҳамда хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этишда шахсий намуна кўрсатишлари бўйича муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати