Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида “Электрон кутубхона” ташкил этилди
Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ходимларини, айниқса ёш ходимларни китобхонликка даъват этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш ва ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Тасбаев ташаббуси билан бошқарма биносида ички ишлар органлари ходимлари учун “Электрон кутубхона” ташкил қилинди.
“Электрон кутубхона” тўғрисида маълумот олиш учун махсус кутубхона баннери тайёрланган бўлиб, эътиборлиси нафақат ички ишлар ходимлари, балки ҳар бир китобсевар фойдаланувчи телефонида кодни сканер қилиб, тақдим этилган ҳавола орқали базадан ўзига керакли адабиётнинг электрон нусхасини бир зумда топиши ва юклаб олиши мумкин бўлади.
Ходимлар ушбу электрон кутубхона орқали ўзларини қизиқтирган бадиий, илмий, публицистик руҳдаги асарларни қисқа муддатларда электрон шаклда кўчириб олишлари ҳамда фойдаланишлари мумкин.
Ҳозирда ички ишлар ходимларининг китобхонлик даражасини ошириш ҳамда электрон кутубхоналар билан таъминлаш борасидаги ижобий ишлар ҳар бир шаҳар-туманларда давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати