Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг 6 ой якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоят ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар йўл қўйилган хато ва камчилликлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор тарзидаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи, полковник Я.А.Абдулхаков, Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, барча соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман студияларидан ИИБ бошлиғи ва ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, терговчилар, тезкор вакиллар ҳамда профилактика (катта) инспекторлари иштирок этишди.
Дастлаб, шу йилнинг 23 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган фикрлар, мутасадди раҳбарларга белгилаб берилган вазифалар билан яқиндан таништирилди. Хусусан,одамларнинг мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиб, уларнинг розилигини олиш тўғрисида атрофлича сўз юритилди.
Шундан сўнг, кун тартибига қўйилган масала юзасидан Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев таништириб,йиғилишни очиб берди. Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник С.Б.Жабборовнинг ҳисоботи тингланиб, вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазияти оғир бўлган ҳудудлар, жиноятчиликни жиловлашда сусткашликка йўл қўйиб, жиноятни ўсишига шароит яратиб берган омиллар ўрганилиб, бу борада ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматларнинг фаолиятлари чуқур танқидий таҳлил қилинди.
Хусусан, талончилик, фирибгарлик, ўғирлик жиноятлари ўсганлиги таъкидланиб, ушбу жиноятларнинг олдини олишда профилактик ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида жиноятчиликни олдини олиш, эрта аниқлаш ва уларни жиловлаш борасида йўл қўйилган хато ва камчилликлар қаттиқ танқид қилиниб, келгусида бу борадаги камчилликларга йўл қўймаслик бўйича аниқ чора-тадбир ва вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга вилоят ҳудудида намунали жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш,ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни ҳамда қонун бузилишини олдини олишда ўз хизмат вазифасига виждонан ёндашган,хизмат ҳудудида фуқароларнинг ишончини қозониб, жиноятдан ҳоли ҳудудга эришган ва бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўла олган бир гуруҳ ходимларга ИИВ раҳбариятининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.
Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи, полковник Я.А.Абдулхаков соҳа ходимларига берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажаришга, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда тамомила янгича тизим асосида иш ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати