30 Июн 2022 йил 383

Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимларига конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти етказилди

Барчамизга маълумки, юртимизда яна бир тарихий ҳодиса юз бериш арафасида турибди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шарт-шароитлар бош қомусимизни ислоҳ этиш заруратини юзага келтирди. Шу кунга қадар Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан тузилган Конституциявий Комиссияга фуқароларимиздан 62 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди.

Жорий йилнинг 29 июнь куни Андижон вилояти ИИБда бўлиб ўтган йиғилишда бошқарма бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувида сўзлаган нутқи ва унинг мазмун-моҳияти етказилди.

Унда бугунги шиддат билан ўзгараётган замон ва тобора ривожланаётган янги Ўзбекистоннинг бош қомуси, ушбу ўзгаришларга мос бўлишини илгари сурилгани айни ўринли бўлгани таъкидланиб, давлат раҳбарининг нутқи ва таклифлари йиғилиш қатнашчиларига ўқиб эшиттирилди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича халқ фикрини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича аъзоси Каримов Тўлқин Пайзиевич, Конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича аъзоси Ашматов Фарҳод Бурхонжоновичлар ҳам сўзга чиқиб, олиб борилаётган ва режалаштирилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти Андижон вилояти Адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Хасанов Алишербек Баходир ўғли томонидан атрофлича етказилди.

Йиғилиш савол-жавобларга бой тарзда бўлиб ўтди. Ходимлар томонидан ҳам таклифлар берилди. Бир сўз билан айтганда конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган йиғилиш ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech