Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимларининг бир гуруҳига ижара шартномаси тузилганлиги бўйича сертификатлар тантанали равишда топширилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2021 йил 8 июндаги “Ички ишлар органлари ходимларини уй-жой билан таъминлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш тўғрисида” тегишли буйруғи ва шу йилнинг 15 июндаги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек, ходимларнинг уй-жой ва яшаш шароитларини янада яхшилаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг шу йилнинг 07 июль кунги “Ички ишлар органлари ходимларининг уй-жой ва яшаш шароитларини ўрганиш тўғрисида”ги буйруғи ишлаб чиқилиб, ушбу буйруққа асосан Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимларининг хизмат ва ижара уй-жойлари аҳволини, шунингдек, фоизсиз қарз сўраган ходимларнинг яшаш шароитларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ҳозирги кунга келиб, уй-жой маиший комиссиясига жами бўлиб, 377 нафар ходимлар мурожаати келиб тушган.
Шундан ижара ҳақ тўлаш бўйича мурожаат қилган 90 нафар ходимларнинг мурожаатлари ўрганилиб, 9 нафар ходимларга ижара ҳақлари тўланмоқда.
Жорий йилнинг 16 июль куни яна 12 нафар ходимга ижара шартномаси тузилганлиги бўйича бошқарма бошлиғининг сертификатлари Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи томонидан тантанали равишда топширилди.
Ҳозирги кунда уй-жой маиший комиссиясига ходимлар томонидан келиб тушган мурожаатлар ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганилиб, ходимларнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш борасидаги амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати