Андижон вилояти ИИБ ҳамда Андижон вилояти маданият бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Жорий йилнинг 14 август куни Андижон вилояти ИИБ аппарати ходимлари учун ўтказилган навбатдаги “Маънавият ва маърифат” ўқув машғулотлари “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ўйингоҳида карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилди.
Тадбирга Андижон вилояти Маданият бошқармаси ва Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбарлари ҳамда бошқа бир қатор меҳмонлар, шунингдек, ходимларнинг оила аъзолари таклиф этилди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2021 йил 30 июнь кунги “Ички ишлар органларида “Маънавият ва маърифат дарслари”ни ташкил этиш тўғрисидаги тегишли буйруғи талаблари асосида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Бобуршунос олим, Дурбек Қўлдош томонидан “Ички ишлар органларида китобхонлик маданияти” мавзуси кенг ёритиб берилди.
Шундан сўнг, Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник А.Имяминов сўзга чиқиб, ходимларни маънавий-маърифий савиясини юксалтириш борасида томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимлари ҳамда Ўзбекистон Мудофасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Андижон вилояти кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланганлиги, Ушбу меморандумлар асосида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганлиги эътироф этилди.
Шунингдек, сўзга чиққан меҳмонларнинг ички ишлар тизими фаолиятига оид фикрлари, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсиялари тингланди. Мазкур меморандум эса олиб борилаётган ишларнинг янада жадал суръатларда давом этиши учун хизмат қилишига умид билдирилди.
Тадбирнинг асосий қисмида Андижон вилояти ИИБ ҳамда Андижон вилояти Маданият бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар Вазирининг 2021 йил 15 июлдаги “Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Санъатда ҳаваскор истеъдодлар” кўрик танловини ўтказиш тўғрисида”ги тегишли фармойиши талаблари ижросини таъминлаш мақсадида, Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ушбу кўрик танловнинг вилоят босқичи ўтказилди.
Бундан ташқари, Андижон вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажариш сафарбар отряди ходимлари жиноятчиларни қўлга олиш давомидаги ўзларининг тезкор ҳаракатлари ва машаққатли хизматлари акс эттирилган кўргазмали чиқишлари орқали барчанинг олқишларига сазовор бўлишди.
Тадбир якунида таклиф этилган меҳмонларга бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Меҳмонлар ҳам ички ишлар бошқармаси раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини билдиришиб, эсдалик совғаларини тақдим этдилар. Бундан ташқари хизмат фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир қатор ички ишлар ходимлари пул мукофоти ва совғалар билан тақдирландилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати