Андижон вилояти ИИБ аппарати шахсий таркиби учун ўтказилган “Маънавият ва маърифат” дарси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 538 йиллигига бағишланди
2021 йилнинг 13 февраль куни Андижон вилояти ИИБ аппарати шахсий таркиби учун ўтказилган “Маънавият ва маърифат” дарси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 538 йиллигига бағишланди.
Бобур хотира майдонига бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, барча мустақил бошқарма, бўлим бошлиқлари ҳамда вилоят ИИБ аппарати шахсий таркиби таклиф этилди.
Тадбирга таклиф этилган меҳмонларни ва шахсий таркибни Андижон “Санъат” мактаби оркестр жамоаси чиройли куйлар садоси остида кутиб олди. Хиёбонга “Китоб савдо” ярмаркаси ҳам ташкиллаштирилди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ижро этилди. Шундан сўнг, Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари полковник Абдувохид Имяминов сўзга чиқиб, ички ишлар органлари ходимлари учун ўтказилаётган “Маънавият ва маърифат” дарсининг бугунги мавзуси айнан Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишланганлиги, мазкур дарс соатини хотира майдонида ўтказилаётгани барча ходимларда фахр туйғусини уйғотиши, шунингдек, улуғ аждодимизнинг ватан тинчлиги йўлида қилган унутилмас ишлари барчамизга дастури амал бўлиб хизмат қилиши хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
Сўнгги йилларда буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида Андижон давлат университети, ўзбек-адабиётшунослик кафедраси мудири доцент Зокиржон Мамажонов ҳам нутқ сўзлади.
Бундан ташқари, Андижон вилояти мусиқали драма театри актёрлари томонидан тайёрланган чиқишлар ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейи ўқувчилари томонидан Бобур қаламига мансуб ғазаллар ижро этилди.
“Маънавият ва маърифат” дарси сўнгида Ички ишлар вазири ҳамда бошқарма бошлиғининг шахсий таркиб бўйича буйруқлари билан бир гуруҳ ходимларга навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди.
Албатта ўтказилган бу тадбир давлат арбоби ва саркарда сифатида ном қозонган Заҳириддин муҳаммад Бобурга бўлган чексиз ҳурмат туйғусини янада шакллантиради. Ходимларни ватанпарварлик ва умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, комилликка етаклаш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашда муҳим маънавий қалқон вазифасини ўтайди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати