Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Булоқбоши туманида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказди
Халқ билан юзма-юз мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад аҳолининг кенг қатлами ичига кириш, уларнинг муаммоларини тинглаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир. Бу каби эзгу ва хайрли ишларни амалга ошириш учун, аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.
Айни шу мақсадда жорий йилнинг 11 ноябрь куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев томонидан Булоқбоши тумани, Ширмонбулоқ МФЙда жойлашган 55-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда кўплаб фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг масалалари тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди. Ишга жойлашиш, даволаниш учун йўлланма олиш, ичимлик суви тушириш, кўчаларни шағаллаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини олиш ҳамда бошқа турли масалаларда келиб тушган кўплаб мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли соҳавий хизмат раҳбарларига зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилиб,ижроси алоҳида назоратга олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати