Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Шаҳрихон туманида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказди
2020 йилнинг 04 январь куни Шаҳрихон туманида 3 нафар фуқаро томонидан қотиллик жинояти содир этилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида олинган маълумотлар асосида, жиноятнинг келиб чиқиши учун сабаб бўлган шарт-шароитлар 7 январь куни Шаҳрихон туманида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилди.
Унда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Тасбаев, Шаҳрихон тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирок этдилар.
Муҳокама йиғилишида мазкур жиноятни юзага келтирган шарт-шароит ва омиллар атрофлича таҳлил қилинди. Бунда маҳалла-кўй, ота-оналар, қўни-қўшниларнинг ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани ва оқибатда мазкур қотиллик жинояти юзага келгани ўкинч билан таъкидланди.
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун маҳалла оқсоқоллари, фаоллар ва бошқа мутасадди идоралар масъулиятини ошириш чораларини кўриш лозимлиги иштирокчиларга уқтирилди.
Шунингдек, муҳокамада иштирок этганлар ушбу нохуш ҳолат юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини очиқ баён этдилар.
Муҳокама якунида мутасадди раҳбарлар аҳолини жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш ҳамда атрофдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка чақирдилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати