Андижон вилояти ИИБ ходимлари ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда
Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Д.Тасбаев томонидан тасдиқланган режа-дастурга мувофиқ, Ташкилий бошқарма Юридик таъминлаш бўлими ходимлари томонидан Кадрлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 12 – 21 январь кунлари шаҳар – туман ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизмат ходимлари ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Хусусан, ўқув машғулотлари давомида Асака, Избоскан, Хўжаобод, Балиқчи, Улуғнор, Бўстон, Шаҳрихон, Андижон, Пахтаобод туманлари ва Хонобод шаҳар ички ишлар бўлимлари ҳамда вилоят ИИБ ТЭҚКБ, МваФРБ ходимларига Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январь кунги “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 829-сон Қарорининг мазмун моҳияти ва аҳамияти тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, ИИО ходимларига “Telegram” мессенжеридаги вазирликнинг “Huquqiy targ’ibot” каналига обуна бўлиш, бу орқали ички ишлар органларига оид янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ислоҳотлар ва бошқа соҳа фаолиятига доир янгиликлар ҳамда маълумотлар билан тезкор танишиб бориш, билим савиясини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳозирда, Кадрлар бошқармаси ва Юридик таъминлаш бўлими ходимлари томонидан вилоятнинг бошқа шаҳар - туман ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизмат ходимлари ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати