Андижон вилояти ИИБ ва тиббиёт ходимлари иштирокида “1 декабрь – Бутунжахон ОИТСга қарши курашиш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди
Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан жойлардаги барча таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ОИТС ва ОИВ инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунчалар бериш мақсадида ҳуқуқий тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, “1 декабрь – Бутунжахон ОИТСга қарши курашиш куни” муносабати билан Андижон шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиника ходимлари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида олиб борилган кенг қамровли профилактик ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ОИВ инфекцияларини тарқалишига қарши курашиш бўлинмалари ходимлари томонидан 94 та ОИВ инфекциясини юқтириш ёки хавфи остида қолдириш жиноятлари аниқланганлиги, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 баробарга кўпайганлиги, шу сабабли назорат текширув ишларини амалга оширишда ҳамкорликнинг қай даражада муҳимлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат ва нотижорат давлат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда жорий йилнинг 1-15 декабрь кунлари кенг қамровли “Соғлом ҳаёт” махсус профилактик тадбирларини ўтказиш белгилаб олинганлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Ҳозирда бу борадаги профилактик ишлар давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати