Андижон вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан “Соғлом ҳаёт” махсус-профилактик тадбири доирасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда
Андижон вилоятида 1 июль кунидан 15 июль кунига қадар ўтказилаётган “Соғлом ҳаёт” махсус-профилактик тадбири доирасида Андижон вилояти ИИБ ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 6 июль куни ОИВ инфекцияси профилактикаси бўйича Андижон вилояти ИИБ ва вилоят ОИТСга қарши кураш маркази, Миллий гвардия,Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, вилоятнинг аҳоли гавжум жойларида “ОИВ инфекцияси ва гиёҳвандликни олдини олиш” мавзусида профилактик тадбирлар олиб борилди.
Жумладан, ҳамкорликдаги профилактик тадбирлар Андижон шаҳар Янги бозор ҳудудидаги аҳоли ўртасида, маиший хизмат кўрсатиш жойларида сартарошхона ва гўзаллик салонларида, спа-салонлар, стоматология ва бошқа хавфли гуруҳга кирувчи муассасаларда ишловчи ходимлар ҳамда мижозлари ўртасида олиб борилди.
Тадбирда ОИВ инфекциясининг хатарли хулқ атворга эга бўлган шахслар ўртасида жинсий йўл билан, тери бутунлиги бузилиши билан амалга оширилувчи муолажалар орқали юқиши, ОИВ инфекциясини юқтириб олмаслик учун нималарга эътибор бериш кераклиги, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш тўғрисида батафсил тушунчалар берилди. Шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш жойларида сартарошхона ва гўзаллик салонларида, спа-салонлар, стоматология ва бошқа хавфли гуруҳга кирувчи муассасаларда ишловчи ходимларнинг даврий тиббий кўрикдан ўтишлари бўйича зарур тушунчалар берилди.
Тарғибот тадбирлари давомида мавзуга оид 2000 дона буклет ва 2000 дона эслатмалар тарқатилди. ОИВ инфекциясини олдини олиш ва тарқалишига қарши курашишда барча биргаликда ҳаракат қилиши кераклиги таъкидланди. “Соғлом ҳаёт” махсус-профилактик тадбири доирасидаги профилактик ишлар давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати