20 Апрел 2023 йил 651

Андижон вилояти мудофаа ишлари бошқармасида «Е-ma’muriy ish» ягона ахборот тизимига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди

Бугунги кунда замонавий ахборот технологиялари кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади. Ахборот-коммуникация технологиялари кундан-кунга ривожланиб, мамлакатимизда ахборотлаштириш жараёни сезиларли даражада ўсиб бормоқда.

Бу, ўз навбатида, фуқароларимиз учун зарур ахборотлардан, турли давлат интерактив хизматларидан кенг фойдаланиш имкониятини яратмоқда.

Андижон вилояти ИИБ масъуллари томонидан вилоят мудофаа ишлари бошқармасида «Е-ma’muriy ish» ягона ахборот тизими бўйича семинар-теринг ўтказилди.

Унда ушбу тизим маъмурий ҳуқуқбузарликларни электрон тарзда қайд этувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ўзаро ҳужжатлар алмашинувини масофадан туриб амалга ошириш имконини берувчи тизим эканлигини таъкидланди.

Шунингдек,семинарда ушбу ахборот тизими ёрдамида маъмурий ҳуқуқбузарликларни қайд этишдан тортиб суд қароригача бўлган жараёнларни электрон тарзда амалга ошириш мумкинлиги қайд этиб ўтилди. Бу эса қоғозбозлик, ортиқча сарф-харажатлар, узоқ масофани босиб ўтиш каби ноқулайликлар, муҳими, беҳуда вақт йўқотилишининг олдини олади.

Семинарда мазкур тизимдан фойдаланиш қонун қоидалари компьютер техникаси ёрдамида мониторда кўрсатиб берилди. Унинг якунида иштирокчиларнинг қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech