Андижон вилоятида “Cyber Week” тарғибот тадбирлари доирасида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди
Андижон вилояти ҳудудида 2023 йил 5-12-июнь кунлари “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида кибержиноятчиликни олдини олиш ва фуқароларни кибертаҳдидлардан огоҳ қилишга йўналтирилган “Cyber Week” номли комплекс тарғибот тадбири старт олди.
Шу муносабат бугун 5 июнь куни Андижон вилояти ИИБда “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида амалга ошириладиган ишларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманига вилоятдаги журналист, блогер ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари таклиф қилинди.
Дастлаб, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.К.Гиясов томонидан бугунги кунда кибермаконда содир этилаётган жиноятлар, уларга қарши курашиш ва бу турдаги жиноятлардан жабрланиб қолишга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилиб, фуқароларнинг саводхонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, бу турдаги жиноятлар салмоғи ортиб бораётгани аниқ мисоллар ёрдамида айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги масъул ходими томонидан 5-12 июнь кунлари Андижон вилоятида барча корхона, муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган 12 турдаги профилактик чора-тадбирлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар етказилди.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволлар ва билдирилган таклифларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар бўйича келишиб олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати