Андижон вилояти ИИБ аппарати шахсий таркиби учун навбатдаги “Маънавият ва маърифат” дарси “Тил-миллат бойлиги” мавзусида ўтказилди
Ички ишлар вазирининг "Ички ишлар органлари маънавий-маърифий хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора -тадбирлари тўғрисида" ги 400-сонли буйруғи талаблари асосида бугун 27 апрель куни Андижон вилояти ИИБ аппарати шахсий таркиби учун навбатдаги "Маънавият ва маърифат" дарси ташкил этилди.
Дастлаб, Андижон давлат педагогика институти Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти Замирахон Жўрабоева томонидан “Тил-миллат бойлиги” мавзусида маъруза қилинди.
Унда муайян халқнинг миллий тили орқали, тилга бўлган эътибори орқали унинг маънавиятини, тарихини англаш ва тушуниш мумкинлиги, тил — миллат маънавиятининг кўзгуси эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилганлиги ва она тилимизнинг кеча ва бугуни тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, Андижон вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Жисмоний ва жанговар тайёргарлик бўлими катта инспектори катта лейтенант Иброҳим Мухторов томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2017 йил 15 март кунги 55-сонли буйруғининг мазмун моҳиятини шахсий таркибга батафсил етказилди.
Маърифат соати давомида бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов томонидан қонунчилик ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб,турли нохуш ҳолатлар содир этилишига йўл қўймаслик бўйича барча ҳушёрликка чақирилди.
Бундан ташқари, хизмат давомида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ходимлар ҳам муносиб рағбатлантирилдилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати