Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов томонидан ички ишлар органлари шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий амал қилинишини таъминлашга қаратилган профилактик тадбир ўтказилди
Жорий йилнинг 13 март куни Андижон вилояти ИИБда "Ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида салбий ҳолатларни олдини олиш, ходимларнинг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш, жамоалардаги маънавий-руҳий муҳит барқарорлигини таъминлаш” мавзусида йиғилиш ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари эътиборига оилада ота-онанинг фарзандларига берадиган тарбияси келажакда нақадар катта аҳамият касб этиши ҳамда тарбия борасидаги бефарқликнинг аччиқ қисмати акс эттирилган таъсирчан видеоролик намойиш этилиб, барча огоҳликка чақирилди.
Шунингдек, "Саййид Муҳйиддин Махдум" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Жамолов Нодирбек томонидан фарзанд тарбияси ва унинг доимий назорати, шунингдек, қимор, тамагирлик va порахўрлик каби жирканч иллатлар муқаддас динимиздан қаттиқ қораланиши ва бу иллатлар таъсирига тушганларнинг якуни яхшилик билан тугамаслиги ҳақида диний манбалардан мисоллар келтириб ўтилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ШХББ Андижон вилояти бўйича бошқармаси масъул ходими томонидан хизмат интизоми va қонунийликни мустаҳкамлаш, салбий ҳолатлар юзага келишини олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида мажлис иштирокчиларига тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов ходимлар ва уларнинг ота-оналарига келгусида тизим фаолиятида олиб борилиши керак бўлган вазифалар бўйича кўрсатма ва таклифларини бериб ўтди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати