Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник Санжар Джабаровнинг криминоген вазият бўйича вилоят аҳолисига профилактик-огоҳлантирувчи мурожаати
Ассалому алайкум, Андижон вилояти аҳолиси, ҳурматли юртдошлар !
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимизнинг раҳбарлигида улкан ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга ошириляпти.
Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар ва амалий ишларга киришилди.
Ўзбек ватандошимизми, чет эллик тадбиркор, сармоядор бўладими, барча-барча, Ўзбекистонимизда тинч ва осуда, муносиб ҳаёт шароитлари билан таъминланган, унинг ҳаёти ҳар қандай жиноий тажовуз ва таҳдидлардан кафолатли ҳимояланган бўлиши шарт.
“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.
Вилоятимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этиляпти. Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўриняпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни бартараф қилиш, шаҳарнинг ҳар бир кўчасида, бозорида, жамоат жойларида хавфсиз муҳит яратиш чоралари кўриляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.01.2025 йилдаги ПҚ-1-сонли “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш амалиёти доирасида аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликни эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилиб, идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.
Қарор ижроси доирасида вилоятдаги жами 879 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 97 та маҳаллаларга масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилиб, барча туман ва маҳаллаларнинг чоракли манзилли чора-тадбирлар “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
“Йўл хариталари” ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойларга 8 857 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 360 градус айланувчи 318 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 2 226 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомобиль рақамини таниб олувчи 485 та, жами бўлиб 11 886 та камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 2 903 та домофонлар, уйларнинг кириш йўлакларига 569 та ташвиш тугмалари ўрнатилди, 1 956 та савдо муассасалари ва 14 642 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 9 720 та стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 1 402 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 2 891 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилди, ички йўллар ва кўчалар 3 395 та ёритиш воситалари билан таъминланди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида “қизил” тоифада қолган 97 та маҳаллаларнинг 53 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, 28 тасида криминоген вазият барқарорлашди.
Давлат раҳбарининг Қарорига асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.
Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, маҳаллаларида содир этилган 1 011 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Биз, ички ишлар органлари, аҳолининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш учун зиммамизда катта масъулият ётганлигини, ҳал этишимиз зарур бўлган масалалар кўп эканлигини жуда яхши тушунамиз.
Ҳурматли фуқаролар!
Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.