29 Май 2025 йил 1958

Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг Жалақудуқ туманида аҳолининг ижтимоий ва ҳуқуқий масалалардаги мурожаатларини ҳал этишга қаратилган сайёр қабули бўлиб ўтди

Жойларда аҳолини ўйлантираётган муаммоларни бевосита ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий масалалардаги мурожаатларини ҳал этиш мақсадида Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Санжар Джабаров навбатдаги сайёр қабулини Жалақудуқ туманида ўтказди.

Ушбу сайёр қабулда нафақат ички ишлар органлари ходимлари, балки тегишли давлат идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.

Қабул жараёнида фуқаролар соғлигини тиклаш учун даволаниш муассасаларига йўлланмалар олиш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит маблағлари ажратиш, пробация ҳисобидаги шахсларни жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталар расмийлаштириш ҳамда бошқа турли ижтимоий масалалар бўйича мурожаат билан чиқишди.

Таъкидлаш жоизки, фуқаролар томонидан билдирилган ҳар бир мурожаат ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Айрим масалалар сайёр қабул жараёнидаёқ ижобий ҳал этилди, қолганлари эса назоратга олиниб, тегишли мутахассислар томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан бундай сайёр қабуллар тизимли равишда ташкил этилиб, аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech