Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмаларида хизмат қилиб келаётган ходимлар ўртасида “Энг яхши терговчи” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
Ички ишлар органлари ходимларининг касбий, хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарликларини ошириш, билим савиясини ошириш мақсадида тез-тез назарий ва амалий беллашувлар ҳамда спорт мусобақалари ўтказиш анъанага айланган.
Танлов ва мусобақалар асосида шахсий таркиб ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, энг истеъдодли ва истиқболли кадрларни аниқлаб, рағбатлантириш ва қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маънавий-маърифий, жисмоний, жанговар, касбий тайёргарлик фаолиятини тизимли равишда ташкил этиш орқали ходимларни ватанпарварлик ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмалари ходимлари ўртасида «Энг яхши терговчи» кўрик- танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда соҳада хизмат қилаётган терговчилар ва суриштирувчилар иштирок этишди.
Дастлаб, ходимлар турникда тортилиш, 100 ва 3000 метрга югуриш ҳамда қўл жанги усуллари бўйича синовларни топширдилар.
Шунингдек, иштирокчилар белгиланган сониялар ичида "Калашников" автомати ва "Макаров" пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш амалиётини бажаришди.
Улар билан ўтказилган психологик тестда ходимларнинг руҳий ҳолати ва бошқа хислатлари ўрганилди.
Кўрик-танловда терговчиларнинг назарий билимларини синаш мақсадида тест синовлари ҳам олинди.
Бундан ташқари, якуний шартда эса иштирокчилар қонунчиликка киритилган ўзгартишлар бўйича оғзаки савол-жавобда иштирок этишди.
Ўзаро тажриба алмашиш ва касб маҳоратини оширишга йўғрилган мусобақа ғолиблари кўрик танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати